“ТУҲФАТУР РАСУЛ ВА ФАРИДУЛ МАКТУБОТ” НАҚШБАНДИЯ ТАРИҚАТИГА ОИД МУҲИМ МАНБА
“Туҳфатур расул ва фаридул мактубот” [3] асари муаллифи Мир Аҳмад Кашший (Кеший) Мовароуннаҳрда фаолият олиб борган нақшбандия тариқати мактаби тарбияланувчиларидан биридир.
Мир Аҳмад Кеший тахминан 1145/1732 ёки 1146/1733 йилда таваллуд топган [4: – Б. 124].
XIII/XVIII аср бошларида хожагон-нашқбандия тариқатига оид нодир асарлардан бири саналади. Бу асар ҳақида эронлик олим Нажиф Чавкар [4] тадқиқотида тўхталиб ўтилган.
Китобда дастлаб шариат, тариқат, ҳақиқат ва маърифат ҳақида тўхталиб ўтилган. Яъни асар бошида фиқҳ илми талаблари баён этилиб, кейин тасаввуф таълимоти мазмун моҳияти ҳақида фикр мулоҳазалар юритилган.
Асарнинг Ориф Ҳикмат кутубхонасида 1672 рақам остида сақланаётган нусхаси 678 бет, ҳар бир саҳифа 25 сатрдан иборат матндан таркиб топган. Саҳифа ўлчами – 26Х18 см. 1250/1834 йилда кўчирилгани қайд этилган.
Муаллиф Мир Аҳмад Кеший номи қўлёзма китоблар фиҳрист (рўйхат)ида (كيشى) тарзида нотўғри келтирилган. Асарда ўзи ҳақида берган маълумотга кўра, муаллиф Туркистоннинг Сўғдидаги Шаҳрисабз ватани эканини айтган.
Мир Аҳмад Кеший дастлаб Мавлоно Ҳожи Муҳаммад Юсуф нақшбандийдан таълим-тарбия олган. Устозининг қабри Ҳазрат Хожа Исҳоқ Калободий мазорида, йўлнинг шимол томонида экани таъкидланган.
Мир Аҳмад бир оз муддат ҳадис илмини Хожахондан ўргангани ҳам алоҳида таъкидланган.
Мир Аҳмад Кеший 1172/1758 йилда Самарқанднинг Даҳбед мавзесига боради. Бу вақтда Даҳбед тасаввуф мактаби муршидларидан бири Муҳаммад Мусохон хожа Даҳбедий иршод маснадда эди. Бу даргоҳга қарийб 18 йил хизмат қилади. Таълим-тарбия олиб, тариқат сир-асрорларини қунт билан ўрганади. Камолга етгач, 1190/1776 йилда устозидан иршод олишга муваффақ бўлади. Ва бу вақтгача Мир Аҳмад Кеший ўзини илмсиз экани, 18 йиллик таълим сабаб маърифатли бўлганини айтади.
Мусохон хожа тахминан 1708 йилда Даҳбедда туғилади. Унинг отаси Муҳаммад Исо хожа Даҳбедий ибн Муҳаммад Бобо хожа ибн Муҳаммад Розиқ хожа ибн Абдулмўмин хожа ибн Хожа Ҳошим ибн Муҳаммад Амин (Хожа Калон) ибн Ҳазрат Махдум Аъзамдир.
У тоғаси Муҳаммад Ризонинг кўрсатмаси билан Ҳиндистон (ҳозирги Покистон)нинг дорул иршод Жаҳонобод шаҳрига ташриф буюриб, Мирзо Жаҳоннамои (Мирзо Жон Жонон) исмли машҳур тариқат арбоби орқали пиру муршид Муҳаммад Обид Жаҳонободий билан учрашади ва унга қўл бериб, шогирд тушади.
1160/1746 йилда шайх Муҳаммад Обид вафот этгач, унинг ўрнига 35 ёшлик аллома Мусохон хожа Даҳбедий нақшбандия-мужаддидия тариқати-сулукининг раҳбари бўлади. Кўп ўтмай нақшбандия, қодирия, суҳравардия ва чиштия каби тўрт силсиладан [2: – Б. 187] тузилган бу тариқатнинг пешвоси бўлган Мусохон хожа Ҳиндистон ва Покистонда фаолият кўрсатгач, нақшбандия тариқатини янгидан асл ҳолига қайтариб, уни марказини қайтадан “дорулиршод Даҳбед”га олиб келади.
Абу Тоҳир хожа “Самария” асарида: “Самарқанд ва унинг атрофида бўлган бузғунчилик ва вайронагарчилик вақтида Ҳазрати Мусохон хожа Ҳиндистон мамлакатига кетиб, унда ҳазрати Миён Муҳаммад Обид соҳибга мурид бўлиб, ҳазрати Миён аждодларининг алфи соний тариқатини янгилаб, шариф боболари силсиласини давом эттирди” [1: – Б. 56-57] деб таъкидлаб ўтилган.
Ҳазрат Муҳаммад Мусохон хожа Даҳбедий 1190/1776 йилда вафот этади ва Махдуми Аъзам даҳмасининг марказида дафн этилади.
Мусохон хожанинг шогирдлари халифа Мир Аҳмад, халифа Муҳаммад Амин, халифа Муҳаммад Сиддиқ, халифа Абдулқаййум, халифа Худоёр, халифа Ҳожи, Абулаъло хожа, Махмуд Балхий [5], Хон хожа каби тариқатда машҳур бўлган зотлар эди.
Мир Аҳмад Кеший “Маҳзанул таъриф” номли асари ҳам борлиги айтилади.
Кешийнинг 70 мактуби “Дар баёни силсилаи олияи нақшбандия” деб номланиб, унда маънавий силсила ҳақида сўз юритади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошланган қуйидаги силсила тармоқлари ҳақида тўхталиб ўтган.
Унга кўра, силсиланинг Али ибн Абу Толиб, кейин Абу Абдуллоҳ Имом Ҳусайн, Зайнулобидин, Муҳаммад Боқир, Жаъфари Содиқ, Мусо Козим, Али Ризодан бошланган бир тармоғини – “Олтин силсила”ни келтирган. Кейин Алидан бошланиб, Ҳасан Басрий орқали тарқалган силсила келган. Учинчиси деб, Абу Бакр Сиддиқ, Салмон Форсий, Қосим, Жаъфари Содиқ, Абу Язид Бастомий силсила тармоғини баён этган.
Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам | ||
Али | Али | Абу Бакр |
Ҳасан Басрий | Имом Ҳасан | Салмон Форсий |
Ҳабиб Ажамий | Имом Ҳусайн | Қосим ибн Муҳаммад |
Довуд Тоий | Зайнулобидин | Абу Толиб Маккий |
Жаъфари Содиқ | Муҳаммад Боқир | Жаъфари Содиқ |
Мусо Козим | Жаъфари Содиқ | Боязид Бастомий |
Имом Ризо |
| Абулҳасан Харақоний |
Маъруф Кархий |
| Абулқосим Гургоний |
Жунайд Бағдодий |
| Хожа Юсуф Ҳамадоний |
Абулқосим Гургоний |
| Абдулхолиқ Ғиждувоний |
Хожа Али Формадий |
| Ориф Ревгарий |
|
| Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий |
|
| Хожа Али Ромитаний |
|
| Хожа Муҳаммад Бобо Самосий |
|
| Сайид Амир Кулол |
|
| Хожа Баҳоуддин Нақшбанд |
|
| Хожа Алоуддин Аттор |
|
| Мавлоно Яъқуб Чархий |
|
| Носириддин Убайдуллоҳ Аҳрор |
|
| Мавлоно Муҳаммад Зоҳид Самарқандий |
|
| Хожа Имканагий |
|
| Хожа Боқибиллоҳ |
Шайх Аҳмад Форуқий Сирҳиндий | ||
шайх Муҳаммад Саъид | Муҳаммад Маъсум | |
шайх Муҳаммад Абдулаҳад | Шайх Муҳаммад Сайфиддин | шайх Ҳожи Ҳабибуллоҳ Бухорий |
шайх Муҳаммад Обид | Саййид Нуриддин Муҳаммад Бадавоний | Сўфи Наврўз Шаҳрисабзий |
Саййид Муҳаммад Мусохон хожа | Ҳабибуллоҳ Жон Жонон Мазҳар | Сўфи Оллоҳёр |
Мир Аҳмад Кеший | Мавлоно Шоҳ Абдуллоҳ Деҳлавий | Сўфи Ғойибназар Миёнколий |
| Мавлоно Холид Бағдодий | Сўфи Муҳаммад Ислом Каррухий |
|
|
Мир Аҳмад Кеший мазкур силсилага тушунарлироқ бўлиши учун батафсил тўхталиб ўтган. Устози Муҳаммад Мусохон хожа билан бирга Ҳиндистонга борганини ҳам айтган ва ушбу силсилага тўхталиб ўтган.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг силсилаи маънавийлари Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу орқали Марказий Осиё тасаввуф тариқати отаси шайх Ҳамадонийгача етиб келгач, уни муаррихлар “Силсилаи Сиддиқия” деб атаганлар;
Шайх Ғиждувонийдан Шоҳ Нақшбандгача етиб келган силсилани “хожагон-нақшбандия” деб;
Хожа Аҳрор Валий туфайли “нақшбандия-аҳрория” деб аталган;
Алфи Соний сабаб “нақшбандия-мужаддидия” деб аталган;
Мусохон хожа сабаб “алия-сиддиқия-нақшбандия-аҳрория-мужаддидия-даҳбедия” деган машҳур тариқат шоҳаси юзага келган.
Хулоса ўрнида, Мовароуннаҳрда фаолият олиб борган тасаввуф тариқатларидан нақшбандия, суҳравардия, қодирия ва чиштия XVII асрга келиб, Аҳмад Сирҳиндий сабаб моҳиятан мужассамлаштирилиб, ягона тариқат тармоғи юзага келади. Бу тарихда нақшбандия-мужаддидия номини олади.
Бу давр тасаввуф ва намояндалари тарихига оид манбалар орасида Мир Аҳмад Кешийнинг “Туҳфатур расул ва фаридул мактубот” асари муаллифнинг устози Мусохон хожа Даҳбедий услубига монанд тарзда тасниф этилгани ойдинлашди. Шунингдек, асарда тариқат силсилалари баён этилиши бир қатор тариқатга оид маълумотларни умумлаштиришга хизмат қилади.
Мўсинова Дилдора Валижон қизи,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси таянч докторанти
Фойдаланилган адабиётлар:
- Абу Тоҳирхожа. Самария. Таҳрир ҳайъати: Б. Аҳмедов ва бошқ. – Тошкент: Камалак, 1991. – 81 б.
- Мақсуди Бухорий. Равойиҳул қудс. Қўлёзма. К.Каттаев кутубхонаси – № 7. 215 варақ.
- Мир Аҳмад Кеший. Туҳфатур расул ва фаридул мактубуот. Қўлёзма. – 678 б. 1250/1834. Ориф Ҳикмат кутубхонаси. – № 1672.
- Нажиф Чавкар. Боз чист шохаи гумшидаи шажараи тасаввуф нақшбандия Мовароуннаҳр дар сада ҳои 12 ва 13 ҳижрий // Форс адабиёти. 2 сон. – Шероз: 25.03.1396/1976. – Б. 118-131.
- Шажараи силсилаи Нақшбандия. Қўлёзма. 3 варақ. 1277/1860. ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди инв – № 5810.
Izoh qoldirish