13.04.2024

АЛ-МУРАТТАЛ

وَرَتِّلِ الْقُرْآنَ تَرْتِيلًا 

ҚУРЪОННИ ТАРТИЛ БИЛАН ТИЛОВАТ ҚИЛ (ФУРҚОН, 33)

 Умумий маънода “Қуръонни тартил билан ўқиш деб уни дона-дона қилиб, ҳар бир ҳарфини ўз ўрнидан чиқариб, оятларини алоҳида-алоҳида қилиб, тажвид қоидалари асосида ўқишга айтилади” (“Тафсири Ҳилол”).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумога кўра, тартил – Қуръонни  шошилмасдан, виқор билан ўқиш, то тугаганча шу тарзда давом эттиришдир. Бу ўқишда оятлар аниқ-равшан бўлиши лозим.

Абуллайс Самарқандийнинг келтиришича, Ҳасан Басрийга кўра, Қуръонни тартил билан ўқиш – ўқиган вақтда уни аниқ-равшан қилишдир. Заҳҳок эса буни ҳар бир ҳарфига эътибор қаратиб ўқиш эканлигини айтади. Мужоҳиддан ривоят қилинишича, одамларнинг қироат масаласида Аллоҳ таолога энг севимлиси ўқиган нарсаси борасида ақл юритганидир.

Имом Насафий ва Замахшарийларнинг ҳам келтиришича, шошилмай ўқишда ҳарфларни равшан қилиш, Қуръондаги вақфларга риоя этиш ва ҳаракатларни маромига етказиш керак, уни вайсаш каби ўқиб, бу ўқишда сўзларни бир-бирига қўшиб, суриб кетиб бўлмайди. Зеро, Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, йўл босишнинг энг ёмони тартибсиз шиддат билан бўлгани, қироатнинг энг ёмони эса алжирашдек тезлатилганидир. Оиша розияллоҳу анҳодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қироатлари борасида сўралганида шундай деганди: “Сизларнинг суриб кетишларингиз каби эмас. Агар эшитувчи унинг (у зот ўқиган оятларнинг) ҳарфларини санамоқчи бўлса, санай оларди”.

Бу борада Имом Мотуридийнинг хулосаси муҳим бўлиб, у зотнинг келтиришича, тартил – луғатда “табйин” (очиқ-равшан қилишдир). Қуръонни шунинг учун ҳам очиқ-равшан қилиб ўқишга буюрилдики, чунки Қуръон фақат уни қироат қилиш учунгина туширилмади. Балки бунинг сабаби уч маънога боғланади:

Биринчиси, Қуръон қиёмат кунигача сақланиб, боқий бўлиши учун ўқиш, токи у унутилиб кетмайди.

Иккинчиси, унинг ичидаги нарсалардан эслатма олади, унда жойланган аҳкомларни, Аллоҳнинг бандалар устидаги ва бандаларнинг бир-бирларидаги ҳақларини фаҳмлайди.

Учинчиси, ундаги нарсаларга амал қилиш, ваъзларидан ваъзланиш учун ўқиб, уни буйруқларига эргашадиган, қайтариқларидан қайтадиган пешво қилиб олади. Намоздаги Қуръон қироати бизга буларни адо этишни юклайди, биз эса буни англашга фақат тааммул (тафаккур) билан етишимиз мумкин, бу эса ўз навбатида қироат вақтидаги тартилга боғлиқ. Зикр қилиб ўтилган бу нарсалар Қуръон қироатида унинг оятларидан воқиф бўлишга ҳаракат қилиш лозимлигини, унинг вақфларига (тўхташ жойларига) риоя қилиш кераклигини билдиради. Чунки вақф маънони тўғри тушунишни таъминлаб, оятларни фаҳмлашга сабаб бўлувчи энг яхши воситадир. Асл ҳақиқат шуки, Қуръонни эшитувчи унга яхшилаб қулоқ тутишга буюрилган. Агар киши буни қилса, унда Қуръоннинг гўзал низоми, ажиб ҳикматлари ва маъноларидан воқиф бўлиш имкони бўлади. Шунинг учун Аллоҳ Қуръонни ўқувчи қорига уни аниқ-равшан қилишни буюрди, токи эшитувчи унинг маънолари маърифатига етади, гўзал низомидан ва ажиб бирикмаларидан воқиф бўлади. Мана шу эшитувчи учун ҳам, ўқувчи қори учун ҳам фаҳмлаш учун энг муносиб йўл, чунки Қуръонда латиф маънолар бор. Яна билиш лозимки, тартил – қироатга тегишли жиҳат саналади.

Демак, маълум бўлмоқдаки, Қуръонни тартил билан қироат қилиш ўзида шошилмаслик ва виқор, аниқ-равшан баён қилиш, ҳар бир ҳарфга алоҳида эътибор, ўқиган нарсаси борасида ақл юритиб, ундаги маънолардан воқифлик каби хусусиятларни жамлайди. Бошқача айтганда, тартил – Қуръондан баҳра олиш низомини ўз ичига олади.

Жўрабек Чўтматов – Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази катта илмий ходими

Izoh qoldirish