НАҚШБАНДИЯ СИЛСИЛАСИ
(Алоуддин Аттор, Мавлоно Зоҳид ва Сўфи Оллоҳёр)
Кейинги пайтларда нақшбандия тариқати намояндаларининг ҳаёти ва фаолияти ҳамда силсиласи тўғрисида турли фикр-мулоҳазалар билдирилаяпти ва бу борада ўз навбатида ҳар хил саволлар ҳам кўтарилган. Бундан нақшбандия ва унинг турли тармоқлари ҳали ҳам мукаммал ўрганилмаганлиги ва тадқиқот учун кўплаб муаммолар борлигини алоҳида таъкидлаш керак.
Агар биз мазкур тариқатнинг силсила ва насл-насаб занжирига эътибор қаратсак, бу борада тадқиқотлар бир оз заиф олиб борилганлигига гувоҳ бўламиз. Одатда, тариқат силсиласи хулафои рошидун ёки чориёрлардан бири орқали Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб уланади. Турли манбаларда, силсила билан боғлиқ ҳужжатларда ҳамда шажара ва насабномаларда устод-шогирдлик силсиласи, насл-насаб занжири турлича кўриниш касб этган. Бу ўз-ўзидан турли муаммоларни юзага чиқаришга олиб келган.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али орқали тўрт силсила занжири мусулмон дунёси бўйлаб ёйилган ва бундай боғланиш тасаввуф тариқатларининг негизи Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб тақалишидан далолат беради. Манбаларда тариқат силсилалари Абу Бакр Сиддиқ, Умар ибн Хаттоб, Усмон ва Алидан бошланиши айтилади [3: – 9б варақ ]. Тариқат силсиласи муайян сулукнинг энг ишончли томонларидан бири саналади. Силсила – муайян тариқатнинг ўз шайхи ёки пири орқали Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борадиган ҳасабномаси, яъни устоз-шогирдлик шажарасидир. Силсилага кирувчи шайхлар тариқат асосларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан нақл қилишда хизмат қилган [9: – Б. 20]. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг силсилаи маънавийлари Абу Бакр Сиддиқ орқали тасаввуф тариқати отаси шайх Юсуф Ҳамадонийгача етиб келгач, уни муаррихлар “силсилаи сиддиқия”, деб юритишган. Шайх Абдулхолиқ Ғиждувонийдан Баҳоуддин Нақшбандгача етиб келган силсила “хожагон-нақшбандия”, дейилган, Хожа Аҳрор Валийдан бошлаб “нақшбандия-аҳрория” номини олган.
Нақшбандия тариқати муршидлари ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш бўйича юртимиз ва хорижий олимлар томонидан салмоқли тадқиқот ишлари олиб борилган.
Буҳоуддин Нақшбанд асослаган нақшбандия тариқати, унинг вафоти (1389 йил)дан кейин Алоуддин Аттор (вафоти 1400) орқали Сурхондарё ҳудудига боради. Алломанинг илмий-маънавий фаолияти сабаб, тариқатнинг биринчи янги маркази вужудга келади.
Ундан кейин тариқат маснадига ўтирган Яъқуб Чархий (вафоти 1447) 40 йилдан кўпроқ вақт нақшбандия тариқатининг муршиди бўлиб, силсиланинг ривожланишига хизмат қилади. Унинг вафотидан сўнг иршод маснадига Хожа Убайдуллоҳ келади.
Хожа Убайдуллоҳ Маҳмудхожа ўғли – Аҳрор Валий (806/1404–895/1490) нақшбандия силсиласини Ҳисордан (Яъқуби Чархий орқали) Самарқандга олиб келади. Кейинчалик унинг шогирдларидан бири Мавлоно Зоҳид Вахшуворий силсилани ҳозирги Сурхондарё вилояти Олтинсой туман Вахшуворга олиб бориб, вафоти (936/1529 йил)га қадар юргизади. Аҳолини тариқат сир-синоатларидан баҳраманд этади.
Мавлоно Зоҳид Вахшуворий ҳақида “Илмия” [Махдуми Аъзам Даҳбедий], “Насиматул қудс” [Муҳаммад Ҳошим Кишимий], “Таърифи авлиё” [Хуршид Аҳмад], “Силсилаи шариф” [Муҳаммад Ҳайдар], “Туҳфатуз зойирин” [Носириддин Бухорий], “Олтинсойда Вахшивор бор” [Хуррам Ҳамдамов], “Вахшувор” [Абдусаттор Жуманазаров], “Сўфи Оллоҳёр ва Ислом шайх тарихи” [Муаллиф] каби манба ва рисолаларда батафсил бўлмаса-да, маълумотлар бор. Шунингдек, унинг тарихи билан боғлиқ ноаниқ маълумотларни ҳам учратиш мумкин.
Нақшбандия силсиласи нафақат Мовароуннаҳр ҳудуди, балки Хуросон, Ироқ, Озарбайжон, Рум ва Мисргача, Хитой ва Ҳиндистонгача етиб борганлиги маълум. Самарқанд қози калони тарихчи Абу Тоҳир хожа ўзининг “Самария” китобида: “Хожа Аҳрорнинг ўзига жалб қилувчи оҳанграбоси шу даражада кучли эдики, унинг ширинсуxан суҳбатлари умрбод эсга қоларди”, – деб айтгани ҳам дунё тасаввуф таълимотида унинг маънавий мавқеи юқори бўлганидан далолат беради.
Хожа Аҳрор Валийдан шогирди Мавлоно Муҳаммад Қози орқали Махдуми Аъзам Даҳбедийдан бошлаб “нақшбандия-аҳрория-даҳбедия” ёки шогирди Мавлоно Зоҳид Вахшуворий орқали имом Аҳмад Сирҳиндийдан (1564-1624) бошлаб “нақшбандия-аҳрория-мужаддидия” каби силсиланинг турли тармоқлари шаклланган.
Аҳмад Сирҳиндийдан кейин Муҳаммад Миён Маъсум (1599-1668) Ҳожи Ҳабибуллоҳ Бухорий (ваф. 1700) орқали Ҳиндистондан Бухорога келади. Силсилани қайта қабул қилган шаҳар яна тариқат марказларидан бирига айланади.
Ҳожи Ҳабибуллоҳ Бухорийнинг шогирди Сўфи Наврўз Шаҳрисабзий воситасида тариқат силсиласи Китоб (Қашқадарё)га олиб борилади. Эндиликда силсиланинг янги маркази Катлос (Китоб) бўлади.
Шу тариқа дунё бўйлаб айланган нақшбандия силсиласи Сўфи Наврўз Шаҳрсабзийдан сўнг тариқат маснадига келган Сўфи Оллоҳёр орқали дастлаб Китобдан Самарқанд (ҳозирги Нуробод туман Чўнқаймиш)га олиб бориб, у ерда тариқатнинг янги марказига асос солди.
Сўфи Оллоҳёр фаолияти давомида тўртта масжид, тўртта хонақоҳ [Каттақўрғон, Оназиёрат, Чўнқаймиш ва Вахшуворда жойлашган], иккита мадраса ва бир неча ҳовузлар қурдиради. Таълим-тарбия ишларига ҳомийлик қилади ва тасаввуф, фиқҳ, ақидага оид дарсликлар ёзади.
Бу даврда “қози-раис”, деб аталувчи мансабдор шахслар ота-оналарнинг фарзандларини мактабга беришларини назорат қилиб турган [8: – Б. 33-34]. Ўқувчиларнинг дарсларга узлуксиз қатнашишларини таъминлаш мақсадида доимо қаттиқ назоратга олинган. Жумладан, ўқувчи узрли дарс қолдирса, ўқитувчи бошқа бир ўқувчини юборган ва шунда ҳам дарсга келмаса, ўқувчининг отасини бундан хабардор қилган [8: – Б. 54]. Сўфи Оллоҳёр томонидан Чўнқаймиш мавзесида ташкил этилган мадрасада таълим олган талабалар агар сабабсиз икки ойу ўн кун дарс қолдирса, мадраса мутаваллиси ушбу ўқувчи ўрнига янги талаба олиши мумкинлигини алоҳида таъкидлаган [11: – 4 варақ ].
Чўнқаймишда Сўфи Оллоҳёр авлодларининг қабртош-битиклари ўрганилди, ҳамда таржима қилинди [Бу маълумотни Б. Кармышева, И. Сувонқулов ва А. Жуманазаровлар тақдим этишган]. Тошлар ўрнашган жойига нисбатан рақамлаб чиқилди.
Мавжуд қабртошлардан олинган маълумотларга кўра, Эшон Сўфи Оллоҳёрнинг ўғли Муҳаммад Содиқ 1180/1766 йилда вафот этгани ва қизи Биби Оиша 1174/1760 йилда вафот этгани маълум бўлди. Шунингдек, Улуғ Ой бинти Муҳаммад [Содиқ] исми ҳам маълум бўлди.
Сўфи Оллоҳёр дастлаб устози шайх Сўфи Наврўз вафотига қадар Кат Илёсда, 1702 йилга қадар Каттақўрғонда, 1712 йил охирига қадар Чўнқаймиш-Аназират (Оназиёрат)да истиқомат қилган. 1713 йилдан кейинги умрини Ҳисорда, Мавлоно Зоҳид Вахшуворий [Мавлоно Зоҳид силсилаи шарифда Хожа Аҳрор Валийнинг шогирди хисобланиб, унинг қабри ҳозирги Сурхондарё вилояти Олтинсой тумани Вахшувор мавзеида, Сўфи Оллоҳёр зиёратгоҳига борадиган йўлнинг ўнг томонида жойлашган. Мавлоно Зоҳид 936/1529 йилда Вахшуворда вафот этган] остонасида гўшанишинликда ўтказган. Бу ерда у масжид, хонақоҳ ва гўзал бир боғ барпо этади [6: – 158а варақ ]. 1724 йилда шу ерда вафот этди.
Хулоса ўрнида Алоуддин Аттор, Мавлоно Зоҳид ва Сўфи Оллоҳёрлар нақшбандия тариқатининг энг буюк муршидларидан бири экани, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маънавий ҳаётда катта из қолдириб, ўз даврида шуҳрати дунё мамлкатлари бўйлаб машҳур бўлган. Уларнинг тасаввуф тарихидаги буюк хизматларидан бири нақшбандия силсиласи ислом оламидаги энг улуғ силсилалардан бирига айланишидир. Алломаларнинг Марказий Осиёда нақшбандия силсиласи кенг ҳудуд бўйлаб ёйилгани ва етакчи ўринга чиқишига муносиб ўрин тутгани ойдинлашди.
Нақшбандия силсиласининг забардаст вакиллари бўлган бу уч аллома:
Алоуддин Аттор 1389 йилдан 1400 йилгача (21 йил);
Мавлоно Зоҳид Вахшуворий 1490 йилдан 1529 йилгача (39 йил);
Сўфи Оллоҳёр 1702-1712 йилдан 1724 йилгача (12-22 йил) тариқат маснадида силсиланинг узвий давом этишига улкан ҳисса қўшган. Силсиланинг янгидан-янги марказлари шаклланишига хизмат қилган.
Тариқат силсиласи дастлаб Бухородан келгани инобатга олинса, замона айланиб Китоб орқали Ҳиндистонга, у ердан мовароуннаҳрлик мутасаввифлар воситасида Бухорога олиб келинади. Кейин яна Китоб орқали Самарқанд ва Сурхондарёга борган тариқат силсиласи тараққий этгани маълум бўлмоқда.
1389 йилдан то 1724 йилгача, жами 335 йил оралиғида, тахминан 70 йилдан кўпроқ вақт давомида тариқатнинг маънавий маркази бўлиб келган Сурхондарё ва у ердаги нақшбандия силсиласи тарихи янада кенгроқ изланишга чорламоқда. Кейинги даврларда ҳам бу анъана давом этганини келгуси тадқиқотларда маълум бўлишини умид қилиб қоламиз.
Меҳрожиддин Амонов,
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий тадқиқотлар бўлими бошлиғи,
Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
Фойдаланилган адабиётлар:
- Абу Тоҳирхожа. Самария. Таҳрир ҳайъати: Б. Аҳмедов ва бошқ. – Тoshkent: Камалак, 1991. – B. 81.
- Абд ал-Қодир ибн Муҳаммад-Амин. Маджма ал-ансоб вал-ашджар. Араб, форс ва туркчадан таржимонлар Воҳидова Ш.Х., Муминова А.К., Аминова Б.Б. – Алматы. 2005. – С. 692.
- Аноним. Қўлёзма, форс тилида. ИБХИТМ манбалар хазинаси инв. №52.
- Каримов Э. Хўжа Аҳрор (ҳаёти ва фаолияти). – Тошкент: Маънавият, 2003. –Б. 43.
- Каттаев К. Тасаввуф алломалари. – Тошкент: Ғафур Ғулом, 2017. – Б. 320.
- Мирзо Мақсуд Даҳбедий. Равойиҳул қудс. Қўлёзма, форс тили, настаълиқ. 215 варақ. 1850. Комилхон Каттаев шахсий кутубхонаси. – № 7.
- Мир Ҳусайн. Маҳозинут тақво. Қўлёзма. ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фонди инв. – № 51 (312 варақ); 2773 (409 варақ, 1215/1800).
- Солижонова Г.Ф. Туркистонда ўқитиш-маърифатчилик ўчоқлари, уларнинг ижтимоий аҳамияти (XIX аср охири XX аср бошлари). Тар. фан. ном. ... дис. – Тошкент, 1998.
- Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Нақшбандия: вазифалар, зикрлар. – Тошкент: Hilol-Nashr, 2019. – Б. 160.
- Ўринбоев А. Хожа Аҳрор. https://ziyouz.uz/ilm-va-fan/tarix/manaviyat-yulduzlari/xoja-ahror-valiy-1404-1490/.
Izoh qoldirish