25.08.2021

МАРКАЗ НАШРЛАРИ ЎЗБЕКИСТОНЛИК ВА ХОРИЖЛИК ИШТИРОКЧИЛАРДА КАТТА ҚИЗИҚИШ УЙҒОТМОҚДА

Жорий йилнинг 25 август куни Ўзбекистон халқаро ислом академиясида "Истиқлолнинг 30 йиллигига бағишланган диний-маърифий нашрлар тақдимоти" бўлиб ўтди.

Тақдимот тадбирида Президент маслаҳатчиси, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Минаваров, Бош вазир ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Aзиз Aбдуҳакимов,  Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон ислом академияси ректори Музаффар Комилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков, Aкадемия профессор-ўқитувчилари, олим ва тадқиқотчилар,  шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси уламолари, соҳа мутахассислари иштирок этишди.
Тадбирда Имом Термизий халқаро илмий тадқиқот маркази томонидан нашр этилан Муҳаммад Ҳаким Термизий рисолалари (“Ҳаким Термизий йўлининг бошланиши”, “Нафс одоби”, “Нафс риёзати” ва “Касб-тирикчилик баёни”) нинг ўзбек тилидаги таржимаси, Ат-Термизий “Китабул илал (ҳадис иллатлари ҳақида рисола) нинг ўзбек тилидаги таржимаси, Ал-Ҳаким ат-Термизий. “Эҳтиётлар” (ал-Эҳтиётот”), “Тариқат одоби” (“Кайфиятус сулук”) нинг ўзбек тилидаги таржимаси, Ал-Ҳаким ат-Термизий. Қайтарилган амаллар (ал-Манҳиёт) нинг ўзбек тилидаги таржимаси, Ал-Ҳаким ат-Термизий. Яширин масалалар (Масоил ал-макнуна) нинг ўзбек тилидаги таржимаси, Сўфий Аллоҳёрнинг “Саботул ожизин” асари шарҳи ҳамда Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Хожа Алоуддин Аттор, Абу Бакр Варроқ Термизий, Бурҳониддин Термизий, Сўфи Оллоҳёр, Хожа Самандар Термизий, Розиюддин Чоғоний, Абу Жаъфар  Термизий, Адиб Собир Термизий каби бир қатор китобларнинг тақдимоти ўтказилди. 
Ўзбекистон халқаро ислом академиясида ўтказилаётган янги китоблар тақдимотида Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Имом Термизий, Имом Мотуридий ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказлари томонидан чоп этилган китоблар омма эътиборига ҳавола этилди.
Марказ янги нашрлари тақдимоти тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Меҳмонлар нашр этилган адабиётлар юзасидан илиқ фикрларини билдиришди.

 

 

Izoh qoldirish